ЭРОН ИСЛОМ РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БОШ ВАЗИРИ БИЛАН УЧРАШДИ
Эрон Ислом Республикаси Президенти Ўзбекистон Республикаси Бош вазири билан учрашувда деди: “Ҳамкорлик алоқаларини янада чуқурлаштириш ҳамда тажриба алмашиш орқали мамлакатларимиз халқлари учун тинч ва фаровон хаёт тарзини таъминлаймиз”.
Эрон Ислом Республикаси Президенти доктор Масъуд Пезешкиён жаноблари, Эрон давлати ва халқи ўзбек халқини очиқ қучоқ билан қарши олишини таъкидлаб, шундай деди: “Биз муносабатларни чуқурлаштириш ва тажриба, салоҳият ҳамда ютуқларни ўзаро алмашиш орқали мамлакатларимиз халқларининг фаровонлигини, минтақада эса тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш имкониятига эга бўламиз”.
Масъуд Пезешкиён Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов жаноблари билан бўлиб ўтган учрашувда икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг изчил ривожланаётганидан мамнунлигини билдириб, айтди: “Эрон ва Ўзбекистон бир тананинг қисимлари бўлиб, биз тарихий, маданий, тил ва эътиқод жиҳатидан кўплаб муштаракликларга эгамиз. Географик чегаралар икки халқни бир-биридан ажратолмаган ва бундан кейин ҳам ажратолмайди”.
Эрон Ислом Республикаси Президентининг таъкидлашича, Эрон ва Ўзбекистон ҳукумат вакиллари ҳамда оддий халқ ўртасидаги борди-келдиларнинг кўпайиши ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва муносабатлар даражасини оширишга хизмат қилади. “Икки томонлама ҳамкорлик ва муносабатларни янада ривожлантириш имкониятлари жуда катта. Эрон ва Ўзбекистон ўзларининг кўплаб умумийликларига таянадиган ҳолда, барча соҳалардаги муносабатларни мустаҳкамлашлари мумкин” – қўшимча қилди Пезешкиён.
Президент Ўзбекистон Бош вазирдан ўзининг энг самимий саломлари ва яхши тилакларини мамлакат Президентига етказишни сўради ва деди: “Мен муҳтарам Шавкат Мирзиёев билан Теҳронда учрашиб, ўзаро келишувларни амалга ошириш юзасидан музокаралар олиб боришни орзиқиб кутяпман”.
Ўзбекистон Бош вазири ҳам учрашувда Президент Пезешкиёнга мамлакат Президентининг саломлари ва самимий тилаклари етказиб, деди: “Сиз ва мамлакатимиз Президентининг қўшма мақсадлар сари ҳаракатлари ҳамда ўзаро муносабатлар даражасини оширишдаги саъй-ҳаракатлари жуда самарали бўлмоқда”.
Абдулла Арипов Эрон Ислом Республикаси илмий, саноат ва техник ютуқлари кўргазмасига қилган ташрифи ҳақида гапирар экан, мамлакатнинг турли соҳаларда эришган улкан ютуқларидан мамнунлигини билдириб, деди: “Ушбу ташриф давомида Эрон расмийлари билан олиб борилган музокаралар самарали бўлди ва икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси ҳажмини ошириш бўйича яхши келишувларга эришдик”.