Эронга бир нигоҳ

Эрон: географик жойлашуви ва иқлими:

Эрон кенг ҳудудли сарзаминдир. Майдони 1.648 минг кв.км.ни ташкил қилади.  У жанубий-ғарбий Осиёда жойлашган бўлиб, шимолий-шарқдан Туркманистон, шимолдан Каспий денгизи, шимолий-ғарбдан  Озарбайжон ва Арманистон Республикалари, шарқдан Афғонистон ва Покистон, ғарбдан эса Туркия ва Ироқ, жанубдан Уммон денгизи ва Форс кўрфази билан чегарадошдир. Яқин Шарқ марказидаги давлат ҳисобланади. Унинг ҳудуди жаҳондаги энг чиройли денгиз бўлмиш Каспий денгизини мамлакат жанубидаги Форс кўрфази билан боғлаб турган кўприкка ўхшайди. Шунингдек, Эронни Шарқ ва Ғарб йўллари кесишган, Шарқ ва Ғарб тамаддунлари, маданият, маънавият ва сиёсатлари туташган чорраҳага менгзаш мумкин. 31 вилояти бор. Пойтахти-Теҳрон шаҳри.

Эрон иқлим ва яшаш шароитининг хилма-хиллиги жиҳатдан жаҳондаги 5 етакчи мамлакатдан, тарихий ва маданий бойлиги нуқтаи назаридан дунёдаги 10 та олд мамлакатдан биридир. Бошқача айтганда, юртимиз жозибали туристик имкониятлари бўйича ер куррасидаги 10 та илғор мамлакат қаторида туради.  

Каспий денгизи соҳиллари Эльбурс тоғлари ҳамда гўзал ва қалин ўрмонлар чеккасидан маржон ипи чизиғидек тортилиб ўтган. Форс кўрфази қирғоқлари эса бир қисми тоғ қоялари билан қопланган, бошқа қисми қумли. Шунингдек, ботқоқлик ва чакалакзорлардан ўтган. Шимолдаги денгиз соҳилидек бир хил манзарали эмас. Эроннинг жанубий вилоятлари, айниқса, Месопатамия кенг водийсининг бир бўлаги бўлмиш Хузистон, пастекисликлар ва даштларда жойлашган бўлиб, денгиз сатҳидан унчалик баланд эмас.  Эрон платоси ва ҳудуди кўп қисмининг денгиз сатҳидан энг баланд ери 1000 метрдан ошмайди. Бу эса ушбу сарзаминнинг ўзига хос томонларидан биридир. Мамлакат ҳар томондан тоғлар билан ўралган: шимолида баланд ва виқорли Эьлбурс тоғ тизмаси, жануби-ғарбида Загрос тоғлари, шарқидан жанубга томон Хуросондан Балучистонга қадар тоғлар чўзилган.

Эроннинг энг юксак тоғ чўққилари: Теҳрон шаҳрининг шимоли-шарқида жойлашган Эльбурс тоғ тизмасидаги 5671 метр баландликка эга Дамованд чўққиси, Эроннинг ғарбида 4880 метр баландликдаги Сабалон чўққиси ва Табриз шаҳрининг жанубидаги 3707 метр баландликдаги Саҳанд чўққиси, Мозандарон вилояти марказидаги 4820 метрли Тахте Сулаймон чўққиси, Бахтиёрийдаги 4550 метрли Зард куҳ чўққиси, Ёсуж шимолидаги 4309 метрли Дено чўққиси, Зоҳидон жанубидаги 3941 метрли Тафтон чўққиси ва бутун мамлакат бўйлаб тарқалган ўнлаб бошқа чўққилар.  Эроннинг турли вилоятлари, айниқса Озарбойжон, Курдистон ва Ҳамадон вилоятларидаги кўплаб ғорларда мавжуд турфа оҳак қотишмалари ҳайратга солувчи бетакрор манзара касб этган. Саноқсиз сайёҳлар  бу ғорларни томоша қилиш учун Эронга сафар қиладилар. Эрон тоғлари геологик кесимига кўра, палеозой эрасига оид қатламга мансуб. Уларнинг баъзилари вулканлар натижасида юзага келган бўлиб, маъдан иссиқ сувли булоқларни келтириб чиқарган.

Эроннинг машҳур чўлу биёбонлари, жумладан, Даште-Лут ва Даште-Кавир 360 минг кв. км.га ястанган. Улар ҳалигача ўрганилмаган кўплаб туманларни ўз ичига олиши билан ҳам диққатга сазовордир.

 Эрон 500 дан ортиқ маъданли ва иссиқ сувли булоқлари билан машҳур. Уларнинг барчасидан ичимлик суви билан таъминлаш, шифобахш дармон сифатида ва соғлиқни сақлаш мақсадида фойдаланилади. Мамлакат сайёҳлик тизимининг энг  муҳим даромад манбаларидан бири бўлиб ҳисобланади. Уларнинг аксари  Эльбурс, Озарбойжон ва Загрос тоғ тизмаларида, бошқалари эса Исфаҳон, Машҳад, Бандар Аббос яқинида жойлашган.      

Эльбурс тоғи этагида жойлашган “Саръейн Ардабил” минерал сувли булоғи, “Лорижон” иссиқ сувли булоғи, шунингдек, “Маҳаллот”даги минерал сувли булоқлар, сайёҳликни ривожлантириш бўйича қатор чора-тадбирлар кўрилгани сабабли ёз фаслида минглаб сайёҳларни даволаниш ва дам олиш учун ўз бағрига чорлайди. Каспий денгизи жанубий соҳиллари ям-яшил ўрмонлари билан сеҳрли манзара касб этган.Улар денгиздан 27 метр баландликда жойлашган. Қум билан қопланган соҳилларга урилаётган тиниқ денгиз мавжлари ва атрофдаги гўзал манзара-ю мусаффо осмон, бу ерни Эроннинг энг дилтортар ва гўзал ҳудудларидан бирига айлантирган.  Эроннинг жанубидаги ҳудудлар  ва ороллар ҳам табиий фусункорлиги ва об-ҳавоси билан айниқса совуқ фаслларда тенги йўқ жозибага эга бўлиб, дилга ором бағишлайди.  Эльбурс ва Загрос тоғ тизмалари ва  Эрон дарёлари ҳавзалари кўплаб булоқлар ва кўллар, хушманзара сайёҳлик маконларини юзага келтирган.

Эрон шимолда Атрак дарёси, Каспий денгизи, Арас дарёсига, шарқдан Ҳиндуқуш тоғлари, ғарбдан ДараСанд тоғлари, Загрос тоғ тизмаси, Арвандруд сув ҳавзасига туташ, жанубдан эса Форс кўрфази ва Уммон денгизи билан ўралган.

Эроннинг ярмидан кўпини чўл ва ярим чўл минтақаси эгаллаган. Ер юзасининг учдан бир қисми эса тоғли. Фақат кичик бир қисми ҳосилдор ерлардан иборат(Каспий денгизи жанубидаги водий ва Хузистон вилоятидаги водий). Эроннинг энг ғарбий шаҳри Келисоканди, энг шарқий шаҳри Жолеқ, энг шимолий шаҳри Порсобод ва энг жанубий шаҳри Чобаҳор деб аталади.  

Эрон об-ҳавоси:

Эрон об-ҳавоси жиҳатдан жаҳондаги ноёб мамлакатлардан биридир. Унинг ўзига хослиги шундан иборатки, қишда мамлакатнинг энг совуқ ва энг иссиқ минтақаси ўртасидаги фарқ гоҳида 50 даражагача етиши мумкин. Кавири Лут чўлидаги бир ҳудуд 2004 ва 2005 йиллари дунёдаги энг жазирама нуқта сифатида эътироф этилган. Эронда йиллик ёғин ҳажми жуда ўзгарувчандир. Мамлакат шимолида гоҳида 2113 мм.дан ошади(2004 йил, Рашт). Чўл зонасида эса ёғингарчилик асосан жуда кам ва йилига тахминан 15 мм. ни ташкил этади. Мамлакат шимоли-ғарбий, ғарбий ва Эльбурс тоғининг жанубий этакларида ва шимоли-шарқида ўртача йиллик ёғин ҳажми 500 мм.га етади. Бошқа ҳудудларда йиллик ёғингарчилик ҳажми 200 мм.дан ошмайди. Умуман олганда, Эронда сув етишмовчилиги муаммоси бор. Айрим прогнозларга қараганда, 2025 йили Эронда сув танқислиги масаласи кескинлашади.

Эроннинг турли минтақаларида об-ҳаво даражаси жуда фарқ қилади. Масалан, қишда Эроннинг Шаҳрикўрд ҳудудида совуқ -30 даражагача тушиб кетса, ёзда Аҳвоз халқи 50 даражалик жазирама иссиқда яшайди. Эрон шимолидаги денгиз соҳилларида ёзда иссиқ ва намгарчилик юқори, қишда эса мўътадил бўлади. Шимолий-ғарбий ва ғарбий минтақаларда ёз мўътадил, қиш эса совуқ келади. Жанубий ҳудудда ёзда жазирама иссиқ ва қишда мўътадил ҳаво бўлади.

ТАРИХ

Эрон тамаддуни тарихи олис ўтмишга бориб тақалади. Унинг белгиларини милоддан аввал Эронда бўлган қадимги Илом(Элам), Шаҳре сухте(куйган шаҳар), Жирўфт ва бошқа қатор  тамаддунлар қолдиқларида кўриш мумкин. Аммо эронликлар сиёсий давлатчилиги тарихи Мод(Мидия) давлати подшоҳлик тузумидан бошланади. Мидия подшоҳи Эроннинг биринчи шоҳаншоҳи бўлган. Бинобарин, Эрон шоҳаншоҳий тарихи шу даврдан ҳисобланади.

ДАВЛАТ ТУЗУМИ

1979 йил 11 февралида Эронда Имом Хўмайний раҳбарлигида юз берган  инқилоб ғалабаси натижасида шоҳаншоҳлик тузуми тугатилиб, мамлакатда  Ислом Республикаси ҳукумати ўрнатилди. Бу тарихий воқеадан кўп ўтмай, 1980 йил 1 апрель куни ўтказилган умумхалқ референдумида  98.2 % овоз билан исломий жумҳурият қонуний қўллаб-қувватланди.       

  ЭТНИК ТАРКИБИ ва ТИЛЛАР

Эрон кўп миллатли мамлакат бўлиб, унда турфа миллат вакиллари, жумладан, форсий, туркий ва бошқа тилли халқлар яшайди: форс, гилон, мозандарон, озарбайжон, қашқоий, курд, лўр, бахтиёрий, араб, лак, толиший, туркман, халаж, оссурий, калдоний, мандоий(соъибий), тот, грузин, систоний, арманий, яҳудий...

Эронда  75га яқин  тил ва турли лаҳжаларда гаплашадилар: форсий, озарбойжон туркийси, курд, туркман, мозандарон, халажий, толиший, лўрий, бахтиёрий, араб, балуч, лакий, дейламий, тот, арманий, ассурий, мандоий, грузин, ибрий, калдоний ва бошқалар.

Давлат тили ва мамлакат идораларида иш юритиш тили –форсий бўлиб, аммо  форс тили билан бир қаторда матбуотда, ОАВда ва миллий мактабларда адабиётни ўқитишда кўплаб халқлар ўз маҳаллий ва этник тилидан эркин фойдаланиши мумкин. Форс тили ҳинд-европа тиллари оиласига мансуб. Эрон конституциясининг 15-моддасига кўра, дарслик китоблари форс тили ва хатида ёзилиши керак.

ПУЛ БИРЛИГИ

Э.И.Республикасининг расмий пул бирлиги риёлдир. Риёл биринчи марта Эроннинг пул бирлиги сифатида 1798 йили темир танга шаклида чиқарилди. Ўша вақтда бир риёл ўз қийматига кўра, 1250 динорга тенг бўлган. 1825 йили риёлни зарб этиш вақтинча тўхтатилди. Бугун пул муомаласидаги риёл 1932 йилдан қўлланила бошлади. Халқ орасида кўпроқ “тумон” шаклида ишлатилади. Масалан, минг риёл дейиш ўрнига,  юз тумон, дейилади. 1 тумон 10 риёлга тенгдир.    

Эронда банклар шанбадан чоршанбагача эрталаб соат 07:30дан кундузги 15:30 гача ишлайди. Пайшанба куни эса 07:30дан кундузги 13:30 гача очиқ. Жума куни мамлакат бўйича расмий дам олиш куни.