News Agency:Announcements
Эрон ва Ўзбекистон ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг еттинчи давраси бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 29 январь куни Тошкент шаҳрида Эрон Ислом Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг еттинчи давраси бўлиб ўтди.
Эрон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазирининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Али Боқирий Каний ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Баҳромжон Аълоев ҳамраислигида бўлиб ўтган ушбу маслаҳатлашувларда икки давлатнинг сиёсий, хавфсизлик, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда икки томонлама, минтақавий ва халқаро даражалардаги ҳамкорлигининг бугунги вазияти ва истиқболлари муҳокама қилинди. Томонлар икки мамлакатнинг ривожланиб бораётган алоқаларига тўхталиб, турли соҳалардаги ҳамкорлик жараёнларини тезлаштириш мақсадида сиёсий маслаҳатлашувларни мунтазам тарзда ўтказиб туриш лозимлигини уқтирдилар. – Мавжуд салоҳиятлардан келиб чиққан ҳолда, турли соҳалардаги алоқаларни ривожлантириш учун янада кўпроқ саъй-ҳаракат қилайлик, – деди Али Боқирий. – Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашимиз учун ҳеч қандай чекловлар мавжуд эмас. Баҳромжон Аълоев Эрон Ислом Республикасининг минтақадаги аҳамияти ва ўрнига тўхталиб, мамлакатимизнинг санкцияларга қарамасдан фан ва технологияларнинг турли соҳаларида тараққиётга эришганини фахр-ифтихор туйғусини уйғотувчи ҳодиса деб атади. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари сўзлари давомида ўз давлатининг Эрон билан минтақавий ва халқаро ташкилотлар, жумладан Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Қўшилмаслик ҳаракати ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти доирасида ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.
© 2019 - economy@mfa.ir