3 September 2025
2025/08/27 - 15:34

Тошкент шаҳрида Эрон мураққа санъати кўргазмаси бўлиб ўтди

Тошкент шаҳрида Эрон мураққа санъати кўргазмаси бўлиб ўтди

Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Элчихонаси қошидаги Маданият ваколатхонаси ташаббуси билан, Тошкент шаҳридаги Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейида “мураққа” асарлар кўргазмаси ўтказилди. 

Ушбу кўргазма Ўзбекистон санъат жамоаси ва хаттотлик, хушнавислик ҳамда наққошлик санъати ихлосмандлари томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди. Тантанали очилиш маросимида Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги элчиси Муҳаммадали Искандарий жаноблари нутқ сўзлаб, ушбу юқори даражадаги санъат кўргазмасини ташкилотчиларига миннатдорлик изҳор этди ва “Биз бир ариқдан сув ичганмиз” деган ўзбек мақолига ишора қилиб, шундай таъкидлади: “Эрон ва Ўзбекистон кўплаб тарихий ва цивилизацион умумийликларга эга бўлиб, бу маданий ришталар икки мамлакат муносабатларини янада ривожлантиришга замин яратади”.

Шунингдек, элчи сўзларида сўнгги икки йилда икки мамлакат Президентлари беш маротаба учрашганини эслаб ўтди ва бу учрашувларда доимо Эрон ва Ўзбекистон ўртасидаги маданий ҳамкорликларни ривожлантириш масаласига урғу берилганини таъкидлади. Элчи жаноблари шунингдек, яқинда Ўзбекистон Бош вазирининг Теҳронга қилган тарихий ташрифига ишора қилиб, Бош вазир жанобларининг Эрон музейларига ташриф буюрганини, бу тажриба эса икки халқ ўртасидаги умумий маданий имкониятлардан фойдаланиш ва ҳамкорликни чуқурлаштириш учун муҳим асос бўлганини билдирди.

Мазкур кўргазма очилиш маросимида Эрон китобат санъати институти директори Ҳасан Муҳаммадий сўзга чиқди. У кўргазма ташкилотчиларига миннатдорлик изҳор этар экан, икки мамлакат тарихий ва маданий умумийликларининг аҳамиятини таъкидлади ҳамда санъат соҳасидаги ҳамкорликлар Эрон ва Ўзбекистон халқлари ўртасидаги ришталарни мустаҳкамлайди, дея қайд этди.

Муҳаммадий ўз нутқида замонавий Эрон санъатининг йирик устози, марҳум устоз Маҳмуд Фаршчиённи эслаб, унинг хотирасини ёд этди. Машҳур ҳунарманд шарафига йиғилганлар бир дақиқа сукут сақладилар. Очилиш маросими якунида Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи ва Эрон китобат санъати институти ўртасида ҳамкорлик тўғрисида Англашув меморандуми имзоланди. Шундан сўнг, “Мураққа” асарлари кўргазмаси расман Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги элчиси, Эрон китобат санъати институти директори ва Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи директори томонидан очиб берилди. Ушбу кўргазма икки кун давом этди.

 

متن دیدگاه
نظرات کاربران
تاکنون نظری ثبت نشده است