News Agency:Announcements
Тошкентда Эрон миллий кунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
2024 йил 7 февраль чоршанба куни Тошкент шаҳрида Эрон миллий куни – Эрон ислом инқилоби ғалабасининг қирқ беш йиллигини нишонлаш маросими бўлиб ўтди.
Ушбу тадбирда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири биринчи ўринбосари Баҳромжон Аълоев, Ўзбекистон Республикаси Энергетика ва Спорт вазирлари ўринбосарлари ҳамда турли вазирликлар ва ташкилотлар мутасаддилари, хўжалик бошқаруви идоралари ва компаниялар вакиллари, тадбиркорлар, маданият ва санъат аҳли, оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек, хорижий давлатлар элчихоналари ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналари раҳбарлари ва ходимлари иштирок этдилар. Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Муҳаммадали Искандарий ушбу маросимдаги нутқида давлатимизнинг энг муҳим масалалар бўйича позицияларини шарҳлади. У Эрон Ислом Республикасининг сиёсий, иқтисодий ва маданий соҳалардаги, жумладан саноат, қишлоқ хўжалиги, фан ва технологиялар йўналишларидаги ютуқларига тўхталди. Унинг айтишича, Эронга душманликнинг илдизлари Эрон халқининг мазлум Фаластин халқи ҳуқуқларини таъминлаш учун мустақиллик ва адолат талаб қилишига бориб тақалади. – Эроннинг тараққиёт поезди томон тош отувчиларга жавобимиз илм ўрганиш, илм-фанни ривожлантириш, ўз-ўзини таъминлашга эришиш, олий таълим инфратузилмаларини мустаҳкамлаш ҳамда буюк Эрон халқининг фаровонлигини таъминлаш учун икки ҳисса кўпроқ саъй-ҳаракат қилишдан иборатдир, – деди Искандарий. – Бир неча минг йиллик Эрон цивилизациясининг 2700 йиллик коризларидаги сув ҳали ҳамон оқиб турганидек, эронликлар ҳам тинимсиз ҳаракатдалар. Эроннинг Ўзбекистондаги элчиси ўз сўзлари давомида шундай деди: – Душманларимиз бизга тош отишда давом этишаркан, бизнинг ҳукуматимиз ва халқимиз ҳам илм-фанга асосланган ҳолда тараққиёт томон узлуксиз ҳаракатда давом этажаклар. Чунки биз учун эса тарихнинг тўғри йўналишида турганимиз муҳимдир. Бизнинг чақириғимиз билим ва адолатга таяниш, инсонпарварлик ва масъулиятлиликдан иборатдир, – деди Искандарий ўз сўзлари ниҳоясида.
© 2019 - economy@mfa.ir