Мусиқа бекати

ЭРОН МУСИҚАСИ

1.Мумтоз (классик)мусиқа:

Эронда мусиқа узоқ ўтмишга эга бўлиб, мамлакатнинг қадимий тарихига бориб тақалади. У бой ва мазмунига мувофиқ бир нечта услуб, тур ва жанр гуруҳларига ажратилади. Эрон анъанавий мусиқаси мамлакат маданияти ва санъатининг ажралмас қисмларидан бири ҳисобланади. Мамлакатдаги деярли ҳар бир этник гуруҳ ўз маҳаллий мусиқасига эга.

X-XV асрлар Эрон мусиқасининг гуллаб-яшнаган давридир. Олимлар ва файласуфларнинг аксари ўз китоблари ва рисолаларининг бир қисмини мусиқага бағишлаганлар. Жумладан, Абу Наср Форобий, Абу Али ибн Сино, Сафиуддин Урмавий, Қутбиддин Шерозий ва Абдуқодир Мароғеий номларини келтириш мумкин. Эрон мусиқасига бағишланган китобларда “мақом”, “парда”, “шадд” каби сўзлардан фойдаланилган.

“Абжад” ҳисоби (араб алифбосидаги харфлар воситаси билан ифодаланган сонлар асосидаги хисоб) дан фойдаланилиб, “парда”(бу ерда “мақом” ва “дастгоҳ”га маънодош ва маълум баландликдаги товушларни ифодаловчи)лар ва “нағма”(куй)ларни парда асоси билан боғлиқ бевосита лад(мақом) ёзув намуналари ҳарфий белгилар воситаси билан ёзилган, шу тарзда 12 асосий мақом қуйидагича тавсифланди:  “ушшоқ”, “наво”, “бусалик”, “рост”, ”ҳусайний”, “ҳижоз”, “роҳавий”, “зангуле”, “Ироқ”, “Исфаҳон”, “зирафканд”, “бузург”. Бу мақомларнинг 17 “даража” ёки “моя”  (товушқаторлари) ва 24та “шўъба” ёки “гўша”(бўлинмалари) бор.

РАДИФ

Ҳозирга вақтда қўлланилаётган мусиқий “радиф” (товуш қатори) Қожорлар сулоласи подшоҳи Носириддиншоҳнинг тор созандаси Оғо Али Акбар Фароҳоний давридан сақланиб қолган. Эрон мусиқасида “радиф” аслида  оҳанглар, куйлар ва товушлар кетма-кетлиги бўлиб, тақрибан  Ғарбий Европодаги “репертуар” сўзига тўғри келади. Бир радиф мажмуаси-бу дастгоҳ-мақомда қатор келувчи мусиқий товушлар лад тизими (“гуше”)дан иборат бўлиб, ҳар бири маълум бир ҳиссиётни ифодалайди.

 

ДАСТГОҲ-МАҚОМ

Эрондаги ҳар бир мақом турли мусиқий миллий пардаларнинг кетма-кетлигидан иборат бўлиб, мауйян пардалар заминида вужудга келган куй-оҳанглар тингловчини ўзига хос ҳис-ҳаяжонга солади. Ҳар бир дастгоҳ кўплаб ладлар тизимидан ташкил топган бўлиб, одатда қуйидагича ижро этилади: дастгоҳнинг бошланишида ритм пастроқ оҳангда бошланиб, кейин авжи ладга кўтарилади ёхуд бирдан дастгоҳ ўзгаради ҳамда пастроқ оҳангларда сўнгги ладларга етказилади. Охирида эса тасниф ёки ренг билан ижро якунига етказилади. Эрон мумтоз(классик) мусиқаси қуйидаги етти дастгоҳни ўз ичига олади:

  • “Шур”(“ҳаяжон”) дастгоҳи;
  • Сегоҳ дастгоҳи;
  • Чаҳоргоҳ дастгоҳи;
  • Ҳумоюн дастгоҳи;
  • Моҳвар дастгоҳи;
  • Наво дастгоҳи;
  • Рост панжгоҳ дастгоҳи.

Шунингдек, қуйидаги бешта ашуладан иборат:

  • Шур дастгоҳига кирувчи “Абу Ато” ашуласи;
  • Шур дастгоҳига кирувчи “баёте турк” ёки “баёте занд”;
  • Шур дастгоҳига кирувчи “афшорий” ашуласи;
  • Шур дастгоҳига кирувчи “даштий” ашуласи;
  • Ҳумоюн дастгоҳига кирувчи “баёте Исфаҳон”.

 

Эрон мусиқа чолғу асбоблари(созлари):

Эрон чолғу асбоблари турига ва товуш манбаларига қараб  уч гуруҳга бўлинади:

  1. Торли созлар: тор, дутор, сетор, уд, танбур, рубоб, камонча (ғижжаксимон соз), сантур(чанг тури), қонун(торли чертиб чалинадиган тирнамо, гуслисимон чолғу);
  2. Пуфлама чолғу асбоблари: най, фўлут (флейтасимон соз), сурнай, най-амбон(волынкасимон соз), карнай, болобон(кавказдаги “дудуки” созига ўхшаш), дузала(сибизғисимон пуфлама соз), қараней (кларнетсимон соз), нафир(карнайсимон соз), дуние (пуфлама соз);
  3. Урма созлар: тўнбак(ноғорасимон соз), даф (доира), дўҳл (барабансимон чолғу), ноғора, санж (икки темир тарелкали соз).

 

Диний ёки эътиқодий мусиқа;

       Диний ёки эътиқодий мусиқа кўпроқ миллий, эътиқодий ва диний ривоятларни қамраб олади. Эрон ислом маданиятида мусиқа турли шаклларда намоён бўлади: ёқимли бадиий ижродаги Қуръон қироати, азон, муножот, мотам маросими ашулалари(“нўҳе хони”), диний драматик маросимда диний ривоятлардаги душман ёки қаҳрамон ролини ижро этиш(“шабиҳ хони”), маддоҳлик ашулалари(“манқабат хони”), рамазон ойида саҳарликка уйғотиб айтиладиган ашулалар(“саҳархони”), зиёратчилар карвонида ашула ижро этиш(“човушхони”) ва бошқалар.

          Сўнгги пайтларгача баъзи бир катта шаҳарларда сурнай, қўшнай, қўбиз, дўмбира ва ноғора чалиб баҳор келгани хушхабари бериларди. Албатта ҳалигача айрим шаҳар ва қишлоқларда март ойининг ўрталаридан апрель ойи бошланишига қадар бу қабилдаги куй-оҳанглар қулоққа эшитилади.

Фольклор, анъанавий ва халқ мусиқаси:

   Эрон халқ (фольклор) мусиқаси узоқ асрлар давомида халқ тарихи, маданияти, расм-русумлари, анъаналари, турмуш тарзи ва одобу одатлари асосида шаклланган.  Бу Эрон халқи учун фақат бир енгил кўнгилочар ёки руҳий-маънавий озуқаланиш манбаи ёхуд кенг тарқалган санъат тури эмас. Балки жамиятдаги кишиларнинг кундалик юриш-туриш ва турмуш кечинмалари билан боғлиқ ҳолда туғилган мусиқа туридир. У халқ кундалик ҳис-ҳаяжонлари, орзу армонлари ва изтиробларининг ортиқча дабдабали сўзларсиз ва жимжимадор ўхшатишларсиз, содда, тушунарли  ва омиёна тарзда куй-оҳанг ва қўшиқлар ҳолига келтирилишидир.  Гоҳида шу қадар маҳорат билан ижро этиладики, насллардан наслга ўтувчи абадий асар шаклида сақланиб қолади. 

          Эрон анъанавий халқ мусиқаси ушбу мамлакат халқининг оғзаки ижоди: ўй-фикрлари, маданияти, одоб-ахлоқи, расм-русумлари ва анъаналарини ўзида акс эттиради. Эронда маданияти жиҳатдан бир-биридан кескин фарқланувчи турли халқлар ва этник гуруҳлар яшаши сабабли, уларнинг маҳаллий куй-қўшиқлари ҳам ўзига хосдир ва асрлар давомида оғиздан оғизга кўчиб, кейинга авлодларга етиб борган.  Улар маълум бир минтақа халқининг ҳиссий кечинмалари, туйғулари, фикрлари, тарихи ва тасаввури доирасини мусиқий товушлар изчиллиги ва мажмуи воситасида янги авлодларга етказишга интилади. Найда ижро этилувчи чўпонларнинг куй-оҳанглари ёки уларнинг қўшиқлари(“чупони хони”), оналарнинг гўдаклари бошида айтадиган аллалари(“Лолойи хони”), гилам тўқувчи қизларнинг ҳиргойи қўшиқлари (“лоле ёки аллоҳ хони”), тўй-ҳашамларда айтилувчи “ялла” ёки “ёр-ёр”лар, гуруч экиладиган шолизорларда айтиладиган қўшиқлар (“лили мори хони”), азадорлик, таъзия маросимларида фарёду нидолар билан ижро этилувчи марсиялар(“мақом хони”) каби мусиқа турлари Эрон фольклор мусиқасининг айрим намуналари ҳисобланиб, улар оғзаки равишда кейинги авлодларга етказилган.   

ПОП-МУСИҚА(оммавий мусиқа): 

          Эрон поп-мусиқаси Қожорлар сулоласи даврида 19-асрда вужудга келди. Кейинчалик радио ихтиро қилиниб, 1930 йилларда ёйилиши натижасида у омма орасида кенг тарқалди. 1970 йиллар бу турдаги оммавий-эстрада мусиқасининг энг гуллаган даври бўлди.  Эрон Ислом инқилоби (1979)дан кейин узоқ муддатли танаффусдан сўнг жонланиб, яна мамлакат мусиқа майдонига қайтди. 1998 йили Эронда биринчи поп-мусиқаси фестивали ўтказилди. Бугунги кунга келиб, Эронда поп-мусиқаси кенг тарқалганлигининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Деярли ҳар ҳафта поп-мусиқасига оид янги альбом чиқарилмоқда.      

University of Art

 

Iran Music Association

 

Music Center, IRIB

 

Music Center

 

Music House of Iran