10 November 2024
2022/05/11 - 14:26 View: 366

Ҳамид НАЙИРОБОДИЙ: Қардошликнинг муносиб намунасини яратамиз!

Икки кўҳна юрт – Эрон ва Ўзбекистонни муштарак тарих, маданият, сон-саноқсиз хотиралар, эътиқод бирлаштириб туради. Бу икки халқ ҳар доим – қувонч онида ҳам, қайғу палласида ҳам ёнма-ён турган. 1991 йил Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришиши ва 1992 йил 10 майда давлатларимиз ўртасида дипломатик муносабат ўрнатилиши қадим алоқани қайта тиклаш ва ривожлантириш имконини яратди.

Икки кўҳна юрт – Эрон ва Ўзбекистонни муштарак тарих, маданият, сон-саноқсиз хотиралар, эътиқод бирлаштириб туради. Бу икки халқ ҳар доим – қувонч онида ҳам, қайғу палласида ҳам ёнма-ён турган. 1991 йил Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришиши ва 1992 йил 10 майда давлатларимиз ўртасида дипломатик муносабат ўрнатилиши қадим алоқани қайта тиклаш ва ривожлантириш имконини яратди.

Ушбу қутлуғ воқеанинг ўттиз йиллиги шарафи билан Эрон ва Ўзбекистон ҳукуматлари, буюк халқларини чин юракдан табриклашдан бениҳоя хурсандман.

Бахтимизга томонларнинг шу кунга қадар амалга оширган саъй-ҳаракатлари энг юқори даражада сиёсий муносабат ўрнатилиши, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар алоқа мустаҳкамланишига олиб келди. Албатта, ҳали фойдаланилмаган имкониятларимиз жуда кўп. Демак, олдимизда ҳамкорликнинг узун ва узоқ йўли турибди.

Кейинги йилларда ривожланиб бораётган ўзаро муносабатимизнинг ўзига хос жиҳатларидан бири, шубҳасиз, алоқалар хилма-хил тус олиб, ҳамкорлик кўлами кенгайгани билан боғлиқ. Бугунги кунда икки давлат ўртасидаги шериклик сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт, халқаро ва минтақавий алоқалардан ташқари парламентлараро муносабат, олий таълим, маданият, санъат, туризм ва спорт соҳаларидаги алоқаларни ҳам ўз ичига олади. Эрон Ислом Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 2022 йил 20-21 февраль кунлари Теҳрон шаҳрида бўлиб ўтган ўн тўртинчи мажлиси доирасида маданият, туризм, фан ва технологиялар соҳаларидаги ҳамкорликлар тўғрисидаги ҳужжатлар имзоланиши ўзига хос янгилик сифатида муҳим ижобий ўзгаришларга йўл очади.

Икки давлат муҳтарам президентлари Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг 2021 йил 16-17 сентябрь кунлари Душанбе шаҳрида ва Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг 2021 йил 28 ноябрь куни Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган саммитлари доирасидаги учрашувларда ўзаро муносабатни ҳар томонлама янада ривожлантиришга алоҳида урғу бериб, барча тегишли вазирлик, идораларга керакли кўрсатмалар бердилар. Айни пайт барча соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисидаги Англашув меморандумлари, ҳужжатлар ижросини таъминлашга қаратилган “Йўл хариталари” тайёрланмоқда.

Натижага йўналтирилган амалий ишларни бажариш, ўзаро муносабатда, хусусан, савдо-иқтисодий ва сайёҳлик алоқалардаги эҳтимолий тўсиқларни олиб ташлаш вақти аллақачон келган. Зеро, мамлакатларимизнинг иқтисодиёт ва туризм салоҳияти бир-бирини тўлдирувчи ҳисобланади. Эрон йўналиши Ўзбекистоннинг очиқ денгизга чиқиши учун энг қулай йўл. Умумий бир юз йигирма миллион кишилик бозор, Эрон ва Ўзбекистонда мавжуд маҳсулот ва хизмат хилма-хиллиги тадбиркорлар учун нодир имконият.

Энг асосийси, давлатларимиз раҳбарларининг хоҳиш-иродаси ўзаро алоқани юксак даражага кўтаришга қаратилган. Бу омилларнинг бари икки мамлакат ўртасидаги муносабат мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия мажлислари, қўшма кўргазмалар мунтазам ўтказилиши, Энг кўп қулайлик режими асосида савдо ҳамкорлиги ҳамда Савдо имтиёзлари тўғрисидаги битимларни ишлаб чиқиш бўйича ишларни ниҳоясига етказиб, ҳужжатларни имзолашга тайёрлаш, хусусий сектор компаниялари ўртасидаги алоқани янада мустаҳкамлаш, икки давлат ўртасида визасиз режим ўрнатиш ва фуқаролар ўзаро борди-келдисини осонлаштириш, комбинациялашган ташувни ривожлантириш, эркин савдо режимини ўрнатиш томон ҳаракатланиш, халқларимиз ўзаро манфаати асосида турли соҳалардаги алоқа ривожланиши жараёнини доимий равишда мониторинг қилиб бориш ва эҳтимолий тўсиқларни бартараф қилиш бу йўлдаги таъсирчан, самарали чора-тадбирлар сирасига киради.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатларимизнинг ўзаро муносабати ёруғ истиқболга эга. Бўлажак олий даражадаги учрашувлар Эрон Ислом Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги шерикликни ҳар томонлама юксалтириш учун замин тайёрлайдиган турли соҳаларга оид ўнлаб ҳужжатлар мувофиқлаштирилишига хизмат қилиши тайин.

Биз алоқаларни янада ривожлантириш орқали жаҳон даражасида дўстлик ва қардошликнинг муносиб намунасини яратамиз, икки халқ фаровонлиги, бахт-саодати ва қувончини дунё аҳлига намоён қиламиз, иншааллоҳ!

Ҳамид НАЙИРОБОДИЙ,

Эрон Ислом Республикасининг

мамлакатимиздаги

Фавқулодда ва мухтор элчиси,

 

متن دیدگاه
نظرات کاربران
تاکنون نظری ثبت نشده است