20 September 2024
2023/03/20 - 14:10 View: 253

Эрон Ислом Республикасининг Ўзбепкистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Ҳамид Наййирободий жанобларининг Наврўз байрами муносабати билан

Наврўз муборак!

Гўзалликларни яратгувчи зот номи билан бошлайман

 

Наврўз баҳорнинг биринчи куни, ранг-баранг гуллар ҳаётининг ва қушлар куйлашининг бошланиши пайти, табиатнинг уйғониш вақти, оламнинг ўзгариш чоғи, худонинг яратганларига донишмандларча нигоҳ билан қараш фурсати ҳамда дунё халқларининг шодиёнаси, якдиллиги ва дўстлиги рамзидир. Амир Алишер Навоий ўзининг форсча шеърлар девонида бу тўғрида шундай куйлайди:

 Омад баҳор-и дилкаш-у гулҳо-йи тар шукуфт,

Дилҳо аз он нашот зи гул бештар шукуфт.

 (Мазмуни: Кўнгилларни яйратувчи баҳор келиб, сўлим гуллар очилди, бу шодликдан кўнгиллар гуллардан ҳам кўпроқ очилди.)

 Қадим замонлардан Шарқ мамлакатларида яшовчи кўплаб халқлар Наврўз ва баҳорнинг кириб келишини байрам қиладилар ва уни инсон учун янги бир куй деб биладилар. Ширинсухан шоир Сайидо Насафий бу ҳақда шундай деган:

 Фасли Наврўз аст, меояд ҳавойи тозае,

Булбул-у гулро шуда барг-у навойи тозае.

 (Мазмуни: Наврўз фаслида мусаффо ҳаво келар, булбул ва гул учун янги япроқ ва куй муҳайё бўлар.)

 Умар Хайём Нишопурий ўзининг «Наврўзнома» асари бошланишида Наврўзнинг вужудга келиши ва нишонланиши тўғрисида шундай ёзган:

Наврўз йилнинг алмашиши билан боғлиқ тарзда вужудга келган бўлиб, ҳар уч юз олтмиш беш куну чорак суткадан кейин келадиган баҳор фаслининг биринчи кунидир. Ҳақиқатда Наврўз байрамининг бошланиши ер курраси қуёш атрофида бир марта айланиб чиқиши билан амалга ошади. Асириддин Ахсикатий ўз шеърида бунга шундай тўхталади:

 Ҳазор мавсум-и Наврўз-у жашни парвардин,

Зи муддат-и ту замон карда гардиш-и маҳ-у сол.

 (Мазмуни: Минглаб Наврўз фасли-ю фарвардин байрамининг вақти ой ва йилнинг айланиши учун белгиланган нуқтадир.)

 Қадим замонларда пошдоҳ Жамшид бу кунни англаб етганидан кейин уни Наврўз, яъни «Янги кун» деб номлади. Шундан сўнг подшоҳлар ва бошқа одамлар унга эргашиб, кейинги йил Наврўзигача ҳаётимиз шодлик ва вақтичоғликда ўтсин, деган ниятда бу кунни байрам қилишга тушишди.

XIV-XV асрларда яшаб ўтган сўфий шоир Ҳусайн Хоразмий (1368/78-1434/36) ўзининг гўзал бир шеърида Наврўзнинг кишига тириклик бағишловчи ва руҳини кўтарувчи хусусиятга эга эканлигини эслатади:

 Ийд дар мавсум-и Наврўз басе руҳафзост,

Руҳ-и жонбахш-и раёҳин-и чаман роҳатзост.

 (Мазмуни: Наврўз фаслидаги байрам руҳни кўтаради. Чамандаги чиройли ва хушбўй гулларнинг кишига жон бағишловчи руҳи роҳатлантиради.)

Эронликлар Наврўзни табиатнинг уйғониши, боғу бўстонларнинг яшнаши ҳамда халқнинг қувончи ва умидининг бошланиш палласи деб биладилар. Уларнинг эътиқодича, инсон Наврўзда табиатнинг яшнаши билан уйғун тарзда янги кийимлар кийиб, янгича руҳият ва нигоҳ билан янги ҳаётни бошлаши керак. Низомий Ганжавий «Ҳафт пайкар» асарида шундай деган:

 Жома нав кун, ки фасли Наврўз аст.  

 (Мазмуни: Кўйлагингни янгилагин, чунки Наврўз кириб келди.)

 Нарўз кириб келиши билан барча одамлар олдинги йиллардан кўра яхшироқ ва рангбарангроқ бир йилни бошлашга тайёрланадилар. Янги йилнинг кириб келиши чоғида худога дуолар ва илтижолар қилиб, яхши бир йилни ато этишини сўрайдилар.

 Дийда ва дил ҳар ду дар фармон-и Дўст,

Гардиш-и рўз-у шаб аз тадбир-и ўст.

Эй, ки дигаргун куний аҳвол-и мо,

Ҳол-и мо онгуна гардон, ки накўст.  

 (Мазмуни: Кўз ва юракнинг ҳар иккаласи ҳаракати Дўстнинг ихтиёридадир, кун ва туннинг айланиши ҳам унинг бошқарувидандир. Эй, бизнинг ҳолатларимизни ўзгартирувчи зот, бизнинг ҳолимизни яхши бир ҳолга айлантиргин.)

Ўтмишда Наврўз билан боғлиқ бир қатор урф-одатлар ва анъаналар мавжуд бўлган. Улардан айримлари бугунгача сақланиб қолган бўлиб, бошқа баъзилари давр тўзонларида йўқ бўлиб кетган. Адиб Собир Термизий (1078-1147) ўзининг гўзал бир шеърида Наврўзнинг қиммати ва аҳамияти тўғрисида шундай дейди:

 Гар фахр-и рўзгор ба Наврўз хуррам аст,

Ин рўзгор фахр-и ҳама рўзгорҳост.

 (Мазмуни: Қай бир давр Наврўз билан фахрланадиган бўлса, бундай давр барча даврларнинг фахрлисидир.)

 Наврўз байрами уйни умумий тозалаш, кўкат ундириш, янги йил харидларини амалга ошириш, «ҳафт син» («етти син») дастурхони тузаш, ота-она ва бошқа улуғ ёшлиларни ҳамда қариндошлар ва дўстларни бориб кўриш, беморларнинг ҳолларидан хабар олиш, Наврўз мавзусида шеърхонлик қилиш, урушган ва аразлашган кишилар билан ярашиш, вақтичоғлик ва истироҳат каби гўзал ва ибратли удумларга эга. Сайф Фарғоний Наврўз ва баҳорнинг кириб келишини гўзал бир тарзда васф этади:

 Баҳор омад ва гўё, ки бод-и наврўзий

Фишонда мушк бар атроф-и боғи перўзий.

 (Мазмуни: Баҳор кириб келди, гўё Наврўз еллари кўнгилхушлик боғлари аро муаттар ҳидлар таратмиш.)

 Наврўз байрами олам аҳлининг қувонч, умид, дўстлик, ишқ, меҳр-муҳаббат, соғлик, фаровонлик, донишмандлик, якдиллик ва осойишталик билан бирга кечувчи ҳаётининг гўзал бир рамзидир.

Ушбу муносиб байрам ва ушбу ажойиб кун билан Сизни ва сизнинг муҳтарам оила аъзоларингизни чин дилдан қутлаб, буюк Фирдавсийнинг қуйидаги шерий сатрларини эслаймиз:  

 Ҳама сола бахт-и ту пирўз бод,

Ҳама рўзгор-и ту Наврўз бод.  

 (Мазмуни: Барча йиллар бахт ва омад сенга кулиб боқсин, сенинг ҳар кунинг ва ҳар чоғинг Наврўз бўлсин.)

 

 Ҳамид НАЙЙИРОБОДИЙ

Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги

Фавқулодда ва Мухтор элчиси

متن دیدگاه
نظرات کاربران
تاکنون نظری ثبت نشده است