21 November 2024
2024/06/05 - 13:52 View: 168

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲУКУМАТИ ВА ХАЛҚИГА МИННАТДОРЧИЛИК

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲУКУМАТИ ВА ХАЛҚИГА МИННАТДОРЧИЛИК

Эрон Ислом Республикасининг севимли ва фидойи Президенти Иброҳим Раисий жаноби олийлари сув иншоотини қуриш бўйича Озарбайжон Республикаси билан биргаликда амалга оширилган қўшма лойиҳанинг очилиш маросимидан қайтаётган вақтда мамлакат Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён жаноблари ва уларга ҳамроҳлик қилувчи  бошқа расмий шахслар билан бирга авиаҳалокатга учраб, шаҳидликнинг юксак даражасига эришдилар.

Эрон халқи эл-юрт хизматида бўлган машҳур, серғайрат ва фидойи инсонларини йўқотди. Бироқ бу халқ Аллоҳ таолонинг мадади ҳамда Ислом Республикаси тузумининг мустаҳкам асосларига таянган ҳолда, бу оғир кунларни ҳам енгиб ўтади.

Марҳум Президентимиз буюк Эрон халқини улкан ютуқларга эриштирди, мусулмон ва қўшни давлатлар билан ҳамкорликни ривожлантириш йўлида самарали саъй-ҳаракатларни амалга оширди.

Эрон ва Ўзбекистон раҳбарларининг сўнгги қисқа вақт ичида тўрт маротаба учрашганлари икки ўртадаги дўстлик ва биродарликнинг яққол намунаси бўлди. Бу эса ўз навбатида икки раҳбар – Эрон Ислом Республикасининг марҳум Президенти Иброҳим Раисий жаноби олийлари ва Ўзбекистон Республикасининг муҳтарам Президенти Шавкат Мирзиёев жаноби олийларининг муваффақиятли давлат бошқаруви, донишмандлиги, самимийлиги ва ўзаро биродар бўлганлиги ҳамда уларнинг ўзаро манфаатларни рўёбга чиқариш йўлида саъй-ҳаракатларни амалга оширганликларини кўрсатади.

Ўзбекистон Республикасининг муҳтарам Президенти Шавкат Мирзиёев жаноби олийлари томонидан Иброҳим Раисийнинг вафоти муносабати билан йўлланган ҳамдардлик мактубида шундай дейилади: «Президент Иброҳим Раисий Эроннинг жадал тараққиёти, мамлакат аҳолисининг фаровонлиги ва халқаро майдондаги нуфузини ҳар томонлама юксалтириш йўлида беқиёс саъй-ҳаракатларни амалга ошириб келаётган, Ватанининг чинакам фидойи фарзанди, ўз халқининг чексиз эҳтиромига сазовор бўлган атоқли давлат ҳамда сиёсат арбоби эди. Ўзбекистон ва Эрон ўртасида кенг қамровли ҳамкорликни, ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли шериклик муносабатларини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган азиз биродаримизнинг ёрқин хотираси қалбларимизда доимий сақланиб қолади».

Ўзбекистон Республикасининг муҳтарам Президенти Шавкат Мирзиёев жаноби олийлари, мамлакат раҳбариятининг бошқа вакиллари, вазирликлар ва идоралар, корхоналар ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда Ўзбекистон жамоатчилиги ва халқининг турли доиралари вакилларининг Эрон Ислом Республикасининг Тошкентдаги элчихонасига шахсан келиб, ҳамдардлик дафтарига ёзув қолдирганлари ва ҳамдардлик билдирганлари ўша улуғвор шаҳидлар руҳларининг шод бўлишига ҳамда бошига мана шундай оғир кунлар тушиб, қайғуга ботган Эрон халқининг тасалли топишига сабаб бўлди.

Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси Ўзбекистон ҳукумати ва халқининг Эрон ҳукумати ва халқига ҳамдардлик билдиргани учун ўзининг чексиз миннатдорчилигини билдириш асносида Ўзбекистон Республикаси билан барча соҳалардаги, хусусан савдо-иқтисодий соҳадаги ҳар томонлама алоқаларни ривожлантириш ишига кўмаклашишни ўз фаолиятининг устувор йўналиши сифатида белгилаб, икки давлатнинг муҳтарам президентлари томонидан белгилаб берилган йўналишдаги ҳаракатларини давом эттиради.

 

Эрон Ислом Республикасининг

Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси

متن دیدگاه
نظرات کاربران
تاکنون نظری ثبت نشده است